Қашқадарёда такрорий пилла етиштириш мавсумлари авж паллада

Охирги йилларда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси мутасаддилари томонидан хориж тажрибасини ўрганиб, чуқур таҳлил қилган ҳолда мамлакатимизда пилла етиштириш ҳажмини ошириш, пилла етиштирувчи касаначиларни соҳада йил давомида кўпроқ иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида бир йилда 4 маротаба пилла етиштириш жараёни йўлга қўйилди.

Шу кунларда қашқадарёлик пиллакорлар ҳам ипак қурти парваришининг учинчи ва тўртинчи мавсумларини уюшқоқлик билан ўтказишмоқда.

Эътиборлиси, жорий мавсумларда вилоятдан жами 10 мингга яқин аҳолининг пилла етиштириш жараёнларида бандлиги таъминланган. Учинчи ва тўртинчи мавсум учун жонлантирилган 3 820 қути ипак қурти уруғи касаначилар томонидан парвариш қилиниб, шу кунларда хомашё йиғиб олинмоқда.

Пиллакорлар жорий мавсумда 155 тоннага яқин тирик пилла хирмонини бунёд қилиш режалаштирилган. Вилоятдаги пиллачилик кластерлари томонидан касаначиларга ҳар 1 кг пилла учун 22 400 сўмдан 30 минг сўмгача бўлган миқдорда иш ҳақи тарозининг устида тўлаб берилади.

                                            

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси
Матбуот хизмати