Асакада яна бир тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи фабрика ишга туширилди

Республикада пиллачилик соҳасини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, асосан қишлоқ жойларидаги хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва уларни бу соҳага кенг жалб этиш, хорижий ва маҳаллий инвестиция маблағларини ушбу тизимга йўналтириш бугунги кунда давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири саналади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 388-сонли қарори асосида Андижон вилоятида 2020-2021 йилларда умумий қиймати 10,8 миллиард сўмни ташкил этувчи жами 21 та инвестицион лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган эди.

Жумладан, 2020 йилда вилоятнинг Жалақудуқ туманида жойлашган пиллани қайта ишловчи ва ипак маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “HARIR TOLA” МЧЖ таъсислигида Асака туманида “ASAKA SILK WORM” МЧЖ ипак қурти уруғи тайёрлаш заводи ишга туширилди.

Бугунги кунда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси томонидан тизимдаги қайта ишлаш корхоналари қошида тайёр ипакли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган ҳолда аҳоли бандлигини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу сабабдан “ASAKA SILK WORM” МЧЖ қошида тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи фабрика фаолияти йўлга қўйилди ва 300 нафар хотин-қизларнинг доимий бандлиги таъминланди.

Эътиборлиси бу ерда ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулотларнинг асосий қисми Туркия давлатига экспорт қилинади.

 

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси
Матбуот хизмати