Қўмита раиси Президент топшириқлари ижроси юзасидан қилинаётган ишлар билан танишди

Жорий йилнинг июнь ойида мамлакатимиз Президентининг Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида вилоятда ипакчилик ва жун саноатини янада ривожлантиришга оид бир қатор топшириқлар берилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Б.Шарипов ушбу топшириқлар ижроси юзасидан қилинаётган ишлар билан танишди.

Жумладан, топшириққа биноан “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси тасарруфида Денов туманида умумий қиймати 6,3 млн АҚШ долларига тенг бўлган “DENOV DREAM SILK” МЧЖ ҳамда “DENOV DREAM TEXTILE” МЧЖ тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳасини ҳам тез орада ишга тушириш вазифаси қўйилганди.
Бугунги кунда “DENOV DREAM SILK” МЧЖ биноси қурилиши ишлари тўлиқ якунланган ва тез орада бу ерда тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган дастгоҳлар ўрнатилади ҳамда 500 нафардан ортиқ маҳаллий хотин-қизларнинг бандлиги таъминланади.
Йил якунига қадар ушбу корхона томонидан спорт ва йўл сумкалари, эркаклар кўйлаги, махсус иш кийимлари ҳамда трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади.

Шунингдек, Денов туманида “DENOV DREAM TEXTILE” МЧЖ фаолияти ишга қўйилиши ҳам белгиланган. Умумий қиймати 5,8 млн АҚШ долларини ташкил этувчи лойиҳанинг қурилиш ишларига старт берилгани тўғрисида Қўмита раиси Б.Шарипов иштирокида рамзий тадбир ўтказилди.

Бу корхона ишга тушгач, трикотаж учун ипакли матолар, ипак ва пахта аралашмаси матолари ва бир неча турдаги матолар ишлаб чиқарилади. Йилига 6,5 млн АҚШ долларига тенг миқдордаги мато маҳсулотлари экспорти йўлга қўйилади.

Қўмитаси раиси Б.Шарипов лойиҳа ташаббускорлари билан учрашиб, лойиҳани белгиланган муддатда ишга тушириш юзасидан олиб борилаётган ишлар бўйича фикр алмашди.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси
Матбуот хизмати