Қўмита раиси кузги пилла ҳосилидан баҳорги мавсум учун уруғ тайёрлаш жараёни билан танишди

Сурхондарё вилоятида пилла хомашёси ва ипак толаси етиштириш охирги йилларда салмоқли даражада ўсди. Эндиликда бу вилоятда бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири етиштирилаётган маҳсулотларнинг сифат даражасини жаҳон талабларига мувофиқлаштириш бўйича кенг кўламдаги ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Б.Шарипов ва Сурхондарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Ф.Маманов вилоятдаги ипак қурти уруғчилиги корхонаси – “Huashen Silk Worm Pro” қўшма корхонасида ҳосилдорлиги юқори бўлган ипак қурти уруғи ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Шу кунларда Ангор туманида жойлашган “Huashen Silk Worm Pro” қўшма корхонасида жорий йил пилла етиштиришнинг учинчи ва тўртинчи мавсумларида баҳорги пилла етиштириш мавсумлари учун ипак қурти уруғи тайёрлаш жараёни кетмоқда.

Корхонада уруғ тайёрлаш жараёнлар 9 ой давомида узлуксиз давом этади ва ҳудуддаги қишлоқ аёллари доимий банд бўлмоқда. Уруғларнинг сифатли тайёрланиши учун хитойлик мутахассислар ҳам жалб этилган.

Ушбу корхона томонидан саноатбоп дурагай ипак қурти уруғлари Сурхондарё вилоятидаги талабни тўлиқ қоплаб беришидан ташқари Қашқадарё ва Андижон вилоятларига ҳам етказиб берилади. Бу ерда тайёрланаётган ипак қурти уруғи сифат кўрсаткичлари бўйича Хитой давлатида тайёрланаётган уруғлар билан рақобатбалаша бошлади. 

Жорий йил баҳорги пилла етиштириш мавсумларида “Huashen Silk Worm Pro” ҚК томонидан тайёрланган 1 қути ипак қурти уруғидан ўртача 70-80 кг пилла ҳосили йиғиб олинган. Бу бўйича энг юқори кўрсаткич 110 кг ни ташкил этди. Уруғчилик корхонасининг ўзида боқилган ипак қурти уруғидан ўртача 100-105 кг пилла ҳосили олинди.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси
Матбуот хизмати