Сурхондарёда 1 кг пилла ҳосили учун 25 минг сўмдан тўлаб берилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Б.Шарипов Сурхондарё вилоятида ипак қурти парваришининг учинчи ва тўртинчи мавсуми жараёнлари билан бевосита танишмоқда.

Мамлакатимизнинг жанубий ҳудуди саналмиш Сурхондарё вилоятида касаначилар томонидан етиштирилган пилла ҳосили қабули бошланди. Вилоятда 3060 қути ипак қурти уруғи шартнома асосида тарқатилган эди. Бир қути ипак қуртини парваришлаган касаначи хонадонида камида 2-3 нафар одам иш билан банд бўлмоқда. Яъни, Сурхондарёнинг ўзида учинчи ва тўртинчи мавсумларда 8 мингга яқин аҳоли бандлиги таъминланди.

Вилоят пиллакорлари томонидан 122 тонналик пилла хирмони бунёд этиш мақсад қилинган. Пилла қабули жараёнида касаначиларга етиштирган 1 кг пилла ҳосили учун тарозининг устида 25 минг сўмдан иш ҳақи тўлаб берилмоқда.

Пиллакорлар етиштирган ҳосилнинг ўртача кўрсаткичи бир қути ипак қурти уруғидан 40 кг ни ташкил этаяпти. Аммо, бир қути ипак уруғидан 50-60 кг гача пилла йиғган меҳнаткаш пиллакорлар ҳам бор.

Халқимизнинг шундай фидойи вакилларидан 11 нафари “Сурхон ипаги” МЧЖ пиллачилик кластери томонидан қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси

Матбуот хизмати