Ўзбекистон-Покистон бизнес-форумида “Ўзбекипаксаноат” уюшмасининг ишлаб чиқариш салоҳияти намойиш этилмоқда

Бугун, 15 июль куни Ўзбекистон ва Покистон ишбилармон доираларини ўзаро яқинлаштириш ҳамда улар ўртасидаги тўғридан-тўғри муносабатларини йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон-Покистон бизнес-форуми Тошкент шаҳрида иш бошлади.

 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон, ҳамда икки мамлакат савдо-саноат палаталари, тегишли идоралари ва тармоқ бирлашмалари раҳбарлари, йирик компания ва корхоналар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.

 

Шунингдек, бизнес-форумда Покистон ишбилармон доираларининг 100 дан ортиқ вакиллари, жумладан, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, ахборот-коммуникация сектори, логистика, қурилиш, электротехника, фармацевтика ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган йирик компаниялар раҳбарлари ҳам иштирок этаяпти. Тадбирда инвестиция ва савдо компаниялари раҳбарлари, шунингдек, Покистоннинг йирик банклари ҳам қатнашмоқда.

 

Мамлакат вазирликлари, идоралари, саноат бирлашмалари ва ҳудудлари раҳбарлари олдига Покистон компаниялари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик имкониятларини ўрганиш ва аниқ инвестиция лойиҳалари ва қатъий савдо битимларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.

Бизнес-форумда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ҳам тизим корхоналарида ишлаб чиқарилаётган ипак маҳсулотларининг кенг ассортименти билан иштирок этмоқда.

Ушбу форматдаги тадбирлар икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида узоқ муддатли ва истиқболли алоқаларни ўрнатиш учун самарали платформа ҳисобланади.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси
Матбуот хизмати