Туркия Ташқи ишлар вазири “Ипакчилик – ҳунармандлар маркази”да бўлди

Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли бугун, 14 июль куни Марғилон шаҳрида жойлашган “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси тизимидаги “Ҳунармандлар маркази”га ташриф буюрди. Мартабали меҳмонга ташриф чоғида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамроҳлик қилди.


Расмийлар “Ҳунармандлар маркази”да 200 дан ортиқ турдаги атлас ва адрас тўқиш, гиламчилик, тикувчилик, ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишди. 


Қуйи қаватда атлас, адрас, шойи, бахмал, беқасам матолар тўқилади. Биринчи қаватдан тайёр маҳсулотлар кўргазмаси, подиум, чевархона ўрин олган. Бинонинг юқори қаватида эса қўлда ипакдан гилам тўқиш цехи жойлашган бўлиб, марказда 600 нафардан зиёд хотин-қизлар доимий иш билан таъминланган.
Мартабали меҳмонлар “Ҳунармандлар маркази”нинг ҳар бир қаватидаги иш жараёнларини катта иштиёқ билан томоша қилишди.


Маълумот учун, Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли жорий йилнинг 15-16 июль кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдид ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этади.  


“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси
Матбуот хизмати