Президент қарори – пилла етиштирган касаначиларга қўшимча пул тўлаб берилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Республикада мавжуд яйловлардан унумли фойдаланиш, ипак ва жунни қайта ишлашни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.

Қарорга кўра, пиллачилик тармоғи озуқа базасини кўпайтириш, экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини яна ошириш бўйича тегишли вазифалар белгилаб берилди.

2022 йил 1 январдан бошлаб 2025 йил 1 январга қадар:

ҳар йили етиштириладиган пилла (ҳўл пилла) ҳосилининг бир килограмми учун 5 минг сўм миқдорида хонадонларда тирик пилла етиштирувчи жисмоний шахсларга республика бюджети ҳисобидан субсидия ажратилади;

тутзорларни суғориш учун фойдаланилган сув ҳажмига сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорда қўлланилади.

Шунингдек, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида ажратилган маблағлар жун йўналишидаги қўйларни, шунингдек, қўлда жун йигириш, ипак матолари, гилам ва кигиз тўқиш ускуналарини сотиб олишга ҳам йўналтирилади.

Қарорнинг тўлиқ матни билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин.