Пиллани қайта ишлаш ва экспортга йўналтириш бўйича натижалар муҳокама қилинди

Бугун Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Б.Шарипов раҳбарлигида пиллачилик соҳасида ушуб йилда амалга оширилган ишлар ва IV чоракда амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар юзасидан соҳа вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Видеоселектор кўринишида ташкил этилган йиғилишда дастлаб пиллани қайта ишлаш фабрикалари томонидан ишлаб чиқарилган ва экспортга йўналтирилган ипак маҳсулотлари бўйича 9 ойлик натижалар таҳлил қилинди.

Афсуски, бутун дунёни қамраб олган пандемия оқибатлари “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси тизимидаги ишлаб чиқариш суръатларига ҳам таъсир ўтказмай қолмади. Шу боисдан Уюшма томонидан соҳани ўз вақтида қўллаб-қувватлаш бўйича тезкор чоралар кўрилди. Карантин даврида ҳам пилла етиштириш ва уни қайта ишлаш давом эттирилди. Аммо, пандемия ипак маҳсулотларининг жаҳон бозоридаги реал нархига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шундай бўлсада, Уюшма томонидан тизимда экспорт бўйича захира имкониятларини яратиш бўйича қайта ишлаш корхоналарига аниқ кўрсатма ва топшириқлар бериб борилмоқда.

Бугунги йиғилишда ҳам Қўмита раиси қайта ишлаш корхоналари фаолиятини такомиллаштириш ва ипак маҳсулотларининг сифатини ошириш бўйича халқаро тажриба асосида тизимли ишлаш жараёнини йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берди.

Йиғилишда пиллани қайта ишлаш корхоналарида мавжуд резервлардан фойдаланиб, чуқур қайта ишлашга алоҳида эътибор қаратган ҳолда қўшимча ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Шунингдек. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган ипак маҳсулотларига хориждан реал харидорлар топиш ва икки томонлама манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда ўзбек ипагини ташқи бозорларга узлуксиз етказиб бериш бўйича аниқ таклифлар ҳам кўриб чиқилди.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси
Ахборот хизмати