Тил миллатнинг руҳи, унинг кўзгусидир

 

Аллоҳ инсонни ер юзидаги энг олий даражада тараққий этган мавжудот этиб яратди. Дарҳақиқат, инсонга табиат томонидан ато этилган сифатлар, имкониятлар жуда кўп ва беҳисоб. Ана шундай имкониятлардан бири бу унинг тилидир. Тил – ижтимоий ҳодиса сифатида инсонлар ҳаётида беқиёс даражада амалий аҳамиятга эга. Одамлар ана шу тил воситасида бир-бирлари билан суҳбатлашадилар, фикр бериб, фикр оладилар.

Ўзбек миллати руҳиятига эҳтиром сифатида 2020 йилнинг 10 апрел куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган Қонунга кўра 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди. Ўзбек тилининг жаҳон ҳамжамияти олдидаги қадр-қимматини ошириш ва унинг жаҳон саҳнидаги мулоқот салоҳиятини янада юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугун Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси таркибидаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ва Республика “Қоракўлчилик” уюшмасида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан тадбир ташкил этилди. Тадбирда Қўмита раиси Бахром Шарипов ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти илмий ходими, филология фанлари доктори, профессор Баҳриддин Умрзоқов иштирок этди.

“Аслида тилни бир кун байрам сифатида нишонлаш бу бир рамзийлик, холос. Биз ўзбек миллати фарзанди эканмиз онамизнинг тили ҳисобланган бу тилга ҳар куни чуқур эҳтиром кўрсатмоғимиз зарур. Минг афсуски, ҳамма ҳам ўзи учун берилган бу чексиз имкониятдан – тилдан ўринли фойдалана олмаяпмиз.

Бугунги кунда бир нечта хорижий тилларда равон сўзлаша оладиган ватандошларимиз, миллатдошларимиз кўплаб топилади. Аммо, улар орасида ўз тилида эмин-эркин гапира олмайдиганлари ҳам борлиги кишини қаттиқ ранжитади. Ҳар бир ўзбек хонадонидан улғаяётган фарзанд, аввало, ўзбек тилида равон сўзлашиши ва шу тилда дунёвий билимларни ўрганмоғи керак. Шундагина минг йиллардан буён қон-қонимизга сингиб кетган қадрятларимиз ва ўзбекона одатларимиз тилимиз билан биргаликда умрбоқийликка эришади.

Афсуски, кўплаб ўзбек тилидаги сўзларимиз ўрнига хорижий тиллардаги бир қатор сўзларни қўллашимиз туфайли улар бугун йўқолиб кетиш арафасида турибди. Бу сўзларни, ҳаттоки, бугунги кун ёшлари тушунмайдиган даражага келиб қолди. Миллатимиз ғурури, ифтихори бўлган тилимизга эътиборни ҳар биримиз уйда, ишхонада кучайтириб, унга алоҳида эҳтиром билан ёндошишимиз керак.

Ўзбек тилида яратилган гўзал асарларни мунтазам мутолаа қилиб боришимиз, бу борада уйда фарзандларимизга, кўча-кўйда атрофимиздагиларга ибрат бўлишимиз керак. Шундагина биздан кейинги авлод учун бутун бир миллатнинг орзу-ҳавасларини ифодалайдиган гўзал тилимизни ҳеч бир заҳматларга дучор этмай етказган бўламиз”, деб айтиб ўтди филология фанлари доктори, профессор Б.Умрзоқов.

Шундан сўнг тадбир қатнашчиларига ўзбек тилининг бой имкониятлари хусусида батафсил маълумотлар берилди.

“Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демак. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Ҳаммамизга маълумки, Мустақилликка илк қадамлар ташланаётган даврдаёқ президентимиз томонидан ўзбек тилига давлат мақоми бериш масаласи кун тартибига қўйилиб, бу иш амалга оширилган эди.

Шуни таъкидлаш керакки, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлган эди. Истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди.

Дунёдаги барча халқлар ўзининг миллий расмий тилига эга деб айтолмаймиз. Чунки бу халқнинг миллий мустақиллиги билан боғлиқ. Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда кўплаб тиллар йўқолиб бормоқда. Бу ўз навбатида ўша тилда сўзлашувчи халқларнинг йўқолишини англатади. Шу боисдан Миллий ғуруримизни асраб авайлашда ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшишимиз ва бунга масъул бўлишимиз керак” деб айтиб ўтди Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Б.Шарипов.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси
Ахборот хизмати