Пиллачилик соҳасида экспорт йўналишида қўшимча захираларни яратиш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди

Бугун, 19 октябрь куни «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси тизимида йилнинг IV чорагида амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар юзасидан кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Уюшма бошқарув раисининг биринчи ўринбосари О.Жумаев раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор кўринишидаги йиғилишда тизимдаги барча вилоят «Агропилла» МЧЖ раҳбарлари, пиллани қайта ишловчи ва ипакли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхона ва фабрика раҳбарлари иштирок этишди.

Йиғилишда жорий йилнинг шу даврига қадар тизимда амалга оширилган ипак маҳсулотларининг экспорти кўрсаткичи ва соҳани ривожлантириш йўлида жалб этилган инвестициялар масалалари муҳокама этилди. Жаҳон бозори талаблари даражасидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқарилаётган ипак маҳсулотларининг сифатини янада ошириш ва бу борада захира имкониятларини яратиш бўйича қайта ишлаш корхоналарига аниқ кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, йиғилиш давомида 2021 йил ипак қурти парвариши мавсумларига жиддий ҳозирлик кўриш, кузги –тут кўчатлари экиш мавсумини уюшқоқлик билан ташкил этиш бўйича ҳам мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Пиллани чуқур қайта ишлашда хориж тажрибасини тўлақонли ўрганиш ва қўлда тўқиладиган ипак гиламларини тайёрлаш жараёнларини республикамизнинг ҳар бир ҳудудида жорий этган ҳолда, чекка ҳудудларда аёлларимизни доимий иш ўринлари билан таъминлаш масалалари ҳам муҳокама этилди.

Экспорт ва инвестиция масалаларида сусткашликка йўл қўяётган қатор корхона раҳбарларига ишни тизимли ташкил этиш борасида кўрсатма ва таклифлар берилди ва йил якунига қадар амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.

«Ўзбекипаксаноат» уюшмаси
Ахборот хизмати