“Водил ипак йигирув” шўъба корхонаси: пилла етиштиришдан чуқур қайта ишлашгача

Пиллакорларимиз жорий йилги пилла етиштириш мавсумларини кўтаринкилик билан ўтказиб, режа қилинган пилла ҳосилини ортиғи билан бажариб қайта ишлаш корхоналарига топширишди. Эндиликда етиштирилган пилла ҳосилидан сифатли хом ипак, ипак момиғи ва тайёр ипак маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ички ва хориж бозорига тақдим этилмоқда.

 
Фарғона вилоятида жойлашган “Водил ипак йигирув” шўъба корхонасида ҳам 200 нафардан зиёд ишчи ходимлар меҳнати туфайли пиллани қайта ишлашдан тортиб, тайёр ипак маҳсулотларгача бўлган 10 турдан ортиқ маҳсулотлар истеъмолчилар талаби асосида ишлаб чиқариляпти.
 
 
Корхонада йиллик қуввати 144 тонна қуруқ пилани қайта ишловчи иккита линия мавжуд. Бу линияларда йилига 48 тонна хом ипак тайёрланади. Шунингдек, корхонада 5 та ипак момиғи ишлаб чиқариш дастгоҳлари ҳам мавжуд бўлиб, улар ёрдамида 46 тонна ипак момиғи ишлаб чиқарилади.
 
 
Бундан ташқари “Водил ипак йигирув” шўъба корхонасида пиллани чуқур қайта ишлашга қаратилган лойиҳалар устида ҳам ишланмоқда. Ҳозирда корхонада 4 та ипак эшув дастгоҳларида 22,8 тонна эшилган ипак ипи, 20 та мато тўқув дастгоҳларида йилига 276,5 минг пагонометр ипак матолари ишлаб чиқарилади.
 
 
Корхона 2019 йилда умумий қиймати 2 млн 315 минг АҚШ долларига тенг бўлган ипак маҳсулотларини экспортга йўналтирган бўлса, жорий йилнинг 9 ойи давомида 1 млн 683 минг АҚШ долларига тенг маҳсулотлар хориж давлатларига экспорт қилинди.
 
 
“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси
Ахборот хизмати