Инвестиция лойиҳаларининг кечаси ва бугуни: Андижон вилояти мисолида

Республикада пиллачилик соҳасини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, асосан қишлоқ жойларидаги хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва уларни бу соҳага кенг жалб этиш, хорижий ва маҳаллий инвестиция маблағларини ушбу тизимга йўналтириш бугунги кунда давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири саналади. Айниқса бугунги кунда бу борада жадал ўзгаришлар кутилмоқда. Биз эса, давлатимиз раҳбари ва Вазирлар Маҳкамаси қабул қилган қарорлар ижроси жойларда қандай амалга оширилаётганига қизиқдик.

Аввалроқ хабар берганимиздек, "Ўзбекипаксаноат" Уюшмаси раиси ўринбосари Х.О.Очилов жойлардаги реал ҳолатни ўрганиш мақсадида Андижон вилоятида бўлиб турибди. Вазирлар Маҳкамасининг 388-сонли қарори бўйича Андижон вилоятида 2020-2021 йилларда жами 21 та инвестицион лойиҳа амалга оширилиб, уларнинг умумий қиймати 10,8 миллиард сўмни ташкил этиши назарда тутилган. Қарор ижросини мониторинг қилиш жараёнида уюшма раиси ўринбосари "Хўжаобод ипак қурти уруғи" МЧЖ ўрнида ташкил этилган "Андижон Гуантонг" уруғчилик заводи фаолияти билан танишди. "Андижон Гуантонг" уруғчилик заводининг лойиҳасига инвестиция киритиш шарти билан "ноль" харид қийматида берилган иншоотларнинг бугунги аҳволи қандай?

"Андижон Гуантонг" уруғчилик заводи лойиҳасига асосан 1 млн АҚШ доллари миқдорида тўғридан тўғри инвестиция киритилиши керак эди, ҳозирги кунгача хитойлик инвесторлар 385 минг АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан тўғри инвестицияни амалга оширдилар.

Лойиҳа эгаларининг берган маълумотларига кўра бугунги кунгача, режага нисбатан ўзлаштириш 61% ташкил этмоқда. Лойиҳа эгалари белгиланган муддатда инвестиция лойиҳасини тўлиқ қувватда ишга туширилишини алоҳида таъкидладилар. Кейинги йил пилла етиштириш мавсумларига “Андижон Гуантонг” уруғчилик заводи томонидан 24 минг қути ипак қурти уруғи тайёрлаб берилади.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси
 Матбуот хизмати