Тайинлов: Самарқанд вилояти “Агропилла” МЧЖга янги директор тайинланди

Аввалроқ хабар берганимиздек, бугун Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Б.Шарипов раҳбарлигида Самарқанд вилоятида иккала соҳада амалга оширилаётган ишларнинг таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда Самарқанд вилоятида пиллачилик ва ипакчиликни соҳасини жадал ривожлантириш, озуқа базасини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди. Шундан сўнг, йиғилиш жамоасига Самарқанд вилояти “Агропилла” масъулияти чекланган жамиятининг янги директори сифатида Элбек Тохирович Рахмонов таништирилди.

Элбек Рахмонов 1985 йил 23 февраль куни Самарқанд вилояти, Пастдарғом туманида тадбиркор оиласида дунёга келган. 2006 йилда Самарқанд давлат архитектура институтини, 2009 йилда Самарқанд давлат университетининг ҳуқуқшунослик факултетини тугатган.

Меҳнат фаолиятини Самарқанд вилоятининг Пастдарғом тумани Прокуратураси кичик нозири лавозимидан бошлаган. 2013-2015 йилларда “Тохир-Р” фирмасида ҳуқуқшунос сифатида ишлаган. 2015 йилдан “Элбек ТРЖ” МЧЖ директори лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган эди.

Йиғилиш якунида Самарқанд вилоятидаги пиллани қайта ишлаш корхоналарини пилла хом ашёси билан мутаносиб равишда таъминлаш, уларнинг мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан унумли фойдаланиш, вилоятда озуқа базасини мустаҳкамлаш ва пилла етиштириш ҳажмини ошириш бўйича керакли кўрсатмалар берилди.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси
Матбуот
хизмати