“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ҳақида

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2856-сонли қарори билан ташкил этилган.
Қарорга кўра Уюшманинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
а) озуқа базасини такомиллаштириш бўйича:
тармоқнинг озуқа базасини мустаҳкамлаш, тут қаторлари ва тутзорларни кенгайтириш мақсадида суғориладиган ер майдонлари ажратиш бўйича тегишли давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан ўзаро самарали ҳамкорликни таъминлаш;
ипак қурти парвариш қилинмайдиган даврларда пиллахоналар ва тутзорларда иккиламчи фаолиятни амалга ошириш ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни йўлга қўйиш, уларни ички ва ташқи бозорларда сотиш;
б) ипак қурти уруғи ва пилла етиштириш, тайёрлаш ва бирламчи қайта ишлаш бўйича:
Уюшма таркибига кирувчи ташкилотларга ипак қуртининг юқори маҳсулдор зотларини яратиш, парвариш қилиш ва сифатли уруғ ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда кўмаклашиш;
республика ҳудудлари бўйича пилла етиштиришнинг прогноз ҳажмларини белгилаш, пилла тайёрлаш ва қайта ишлаш ташкилотлари бўйича пилла етиштириш учун буюртмаларни жойлаштириш;
сифатли пилла етиштириш ва тайёрлаш, уни дастлабки қайта ишлаш, хом ипак ва ипак калава ишлаб чиқариш бўйича янги қувватларни ташкил этиш ва мавжудларини модернизация қилишни ташкил этиш;
в) пиллани чуқур қайта ишлашни ташкил этиш бўйича:
ипакдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва унинг сифатини янада яхшилаш, унинг энг харидоргир турлари ва дизайнини ўзлаштириш, тармоқ маҳсулотларини халқаро талабларга мувофиқ сертификатлаштириш ва стандартлаштиришни таъминлаш, сифат менежментининг замонавий усулларини кенг жорий этишга доир ишларни самарали ташкил этиш;
маҳсулот сотиш бозорларини кенгайтириш бўйича маркетинг тадқиқотлари олиб бориш, ипак маҳсулотлари нархини шакллантиришнинг мақбул механизмини яратиш бўйича таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш ҳамда тайёр ипак маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш;
г) тармоқни жадал ривожлантиришни мувофиқлаштириш бўйича:
пиллачилик тармоғини ривожлантириш борасида қабул қилинган дастурий чора-тадбирлар амалга оширилишини мувофиқлаштириш, ягона илмий-техник, технологик, инвестициявий ва экспорт сиёсатини изчил юритиш ҳамда ички ва ташқи бозордаги нархлар мониторингини олиб бориш;
норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, имтиёз ва енгилликлар бериш, халқаро молиявий институтлар ва донор мамлакатларнинг маблағларини жалб қилиш орқали Уюшма таркибига кирувчи ташкилотларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланишига кўмаклашиш.
Уюшмага юклатилган вазифаларни бажариш мақсадида, 13 та ҳудудий ва 144 та туман “Агропилла” МЧЖлари фаолияти йўлга қўйилган. Шу билан бирга, 2019 йил 1 март ҳолатига 8 та ипак қурти уруғи ишлаб чиқариш, 46 та пиллани қайта ишлаш ҳамда ипак газламалар ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш корхоналари, 22 та тут уруғи ва кўчатлари етиштириш хўжаликлари “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси аъзоси ҳисобланади.
Соҳани ривожлантириш юзасидан 2017-2018 йиллар давомида ипакчилик ва пиллачилик соҳасини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та ва Вазирлар Маҳкамасининг 1 та қарорлари қабул қилинди. Ушбу қарорлар асосида олиб борилган ислоҳотлар натижасида соҳада сезиларли ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда