Сенатнинг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 483-моддасига ипакчилик тармоғини янада ривожлантиришга қаратилган қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Мамлакатимизда ипакчилик соҳасини янада ривожлантириш, тутзорларни ташкил этиш ва ипак қуртини боқиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда даромадларини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Қишлоқ жойларда аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим тармоқлардан бири ҳисобланган пиллачиликда изчил ислоҳотлар амалга оширилиб, бугунги кунда республикамизда пиллани қайта ишлаш, ипак қурти уруғчилиги ва тутчилик хўжаликларининг фаолияти йўлга қўйилган, шунингдек, соҳада 108 минг доимий ва 1 миллиондан ортиқ мавсумий ишчиларнинг бандлиги таъминланмоқда.
Солиқ кодексининг 483-моддасига 2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар бўлган даврда жисмоний шахсларнинг уй шароитида тирик пилла етиштириш (касаначилик) фаолиятидан олинган даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинишини назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда.
Қонунга кўра пилла етиштирувчи юридик шахсларнинг уй шароитида тирик пилла етиштирувчи касаначилар меҳнатига ҳақ тўлашга йўналтириладиган маблағлари ҳамда бўшаган маблағларни касаначиларни моддий рағбатлантиришга йўналтириш шарти билан ижтимоий солиқдан озод қилинади.
Қонунда пилла етиштириш соҳасида озуқа базаси сифатида фойдаланиладиган тутзорлар билан банд бўлган ер участкалари учун ер солиғи халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари белгилаган солиқ ставкаларига нисбатан 0,1 коэффициент қўлланилган ҳолда ҳисоблаб чиқарилиши белгиланмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши ипакчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада ишлаб чиқариш ҳажми, тайёр маҳсулот улуши ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш имконини беради.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.