"Ўзбекипаксаноат"
уюшмаси
Ишонч телефон рақами: +99871 267 23 63
Ижтимоий тармоқларимиз:

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ 2020 — 2022 ЙИЛЛАРГА МЎЛЖАЛЛАНГАН ИНВЕСТИЦИЯ ДАСТУРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Мамлакатимизда, шу жумладан маҳаллий хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминловчи юқори технологияли ишлаб чиқаришларни модернизация қилиш ва ташкил этишга қаратилган инвестиция сиёсатини янада фаоллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

«Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» деб эълон қилинган 2019 йилда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш механизмларини тубдан такомиллаштириш ва соддалаштириш, инвестицияларни, аввало, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ўзлаштиришни кенгайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Кўрсатиб ўтилган чора-тадбирлар 2019 йилда 184 трлн сўм атрофида капитал қўйилмаларни ўзлаштириш имконини берди ва бу ўтган йилга нисбатан 1,3 баробар кўп демакдир. Ялпи ички маҳсулотда инвестицияларнинг улуши 34 фоиздан ошди.

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, шунингдек, хом ашё ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, юқори технологияли рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, ишлаб чиқаришларни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш ва шу асосда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш мақсадида:

  1. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда ишлаб чиқилган, қуйидагиларни ўз ичига олувчи Ўзбекистон Республикасининг 2020 — 2022 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастури (кейинги ўринларда — Дастур) тасдиқлансин:

850,5 трлн сўм инвестициялар, шу жумладан 35,5 млрд АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестициялар ўзлаштирилишини назарда тутувчи 2020 — 2022 йилларда капитал қўйилмаларни ўзлаштиришнинг йиғма прогноз параметрлари, шунингдек, 2020 — 2022 йилларда инвестициялар ва кредитларни ўзлаштириш ҳамда жалб қилишнинг прогноз параметрлари 1, 1а ва 1б-иловаларга* мувофиқ;

206 та янги ишлаб чиқариш қувватлари ва 31 мингдан зиёд иш ўринлари яратилишини назарда тутувчи 2020 йилда йирик ишлаб чиқариш объектлари ва қувватларини ишга тушириш манзилли дастури 2-иловага* мувофиқ.

  1. Қуйидагилар:

2020 йилда инвестиция ва кредитларни ўзлаштириш бўйича йиғма манзилли дастур, шунингдек, унинг чораклар кесимида ижросининг прогноз кўрсаткичлари 3 ва 3а-иловаларга* мувофиқ;

2020 йилда Ўзбекистон Республикаси давлат кафолати остида хорижий кредитлар жалб қилган ҳолда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли дастури 4-иловага* мувофиқ;

2020 йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар жалб қилган ҳолда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли дастури 5-иловага* мувофиқ;

2020 йилда лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш талаб этиладиган инвестиция лойиҳалари рўйхати 6-иловага* мувофиқ;

2020 йилда ишлаб чиқиладиган истиқболли инвестиция лойиҳалари рўйхати 7-иловага* мувофиқ маъқуллансин.

* 1 — 7-иловалар рус тилидаги матнда берилган.

Олдинги таҳрирга қаранг.

  1. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси номидан ёки кафолати остида ташқи қарзни жалб этиш бўйича 2020 йилда янги имзоланадиган шартномалар доирасида жалб қилинадиган маблағлар ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган чегаравий ҳажмлар доирасида аниқланади.

(3-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 августдаги ПФ-6042-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 18.08.2020 й., 06/20/6042/1190-сон)

  1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг қиймати 50 млн АҚШ долларидан ошадиган ва хорижий инвесторнинг улуши 50 фоиздан кам бўлмаган инвестиция лойиҳалари доирасида ишлаб чиқариш майдонидан ташқаридаги зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини бюджет маблағлари ҳамда молиялаштиришнинг бошқа ички манбалари ҳисобидан қуриш тартибини мазкур инвестиция лойиҳалари қуйидаги талабларга мос келган тақдирда қўллаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:

лойиҳанинг иқтисодий самарадорлиги, шу жумладан унинг рентабеллиги ва сарфланган маблағларни қоплай олиши таъминланишини асословчи лойиҳаолди ҳужжатларнинг мавжудлиги;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Урбанизация агентлигининг лойиҳани сўралаётган ер участкасида жойлаштиришнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси мавжудлиги;

лойиҳанинг лойиҳаолди ҳужжатига давлат экология экспертизасининг ижобий хулосаси мавжудлиги (зарур ҳолларда).

Лойиҳалар лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларининг мазкур бандда кўрсатилган талабларга мувофиқлиги ёки номувофиқлиги нуқтаи назаридан уларни комплекс экспертиза қилиш «Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУК томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

  1. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари — лойиҳаларнинг ташаббускорлари:

2020 йил 20 январга қадар мазкур қарорнинг 3 — 5-иловаларига киритилган лойиҳаларни амалга оширишнинг комплекс тармоқ жадвалларини Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига тақдим этсин. Бунда 2020 йилнинг ҳар бир чораги учун инвестициялар ва кредитларни ўзлаштиришнинг белгиланган прогноз кўрсаткичлари сўзсиз бажарилиши назарда тутилсин;

2020 йил 1 февралга қадар мазкур қарорнинг 6-иловасига киритилган лойиҳалар бўйича молиялаштириш манбаларини аниқлаш, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, келишиш ҳамда тасдиқлаш юзасидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан келишилган «йўл хариталари»ни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 мартга қадар мазкур қарорнинг 7-иловасига киритилган истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини тасдиқласин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва Транспорт вазирлиги мазкур қарорнинг 6-иловасига киритилган тегишлича сув таъминоти ва канализация, шунингдек, автомобиль йўллари соҳасидаги лойиҳалар бўйича:

2020 йил 1 июлга қадар — лойиҳаолди ҳужжатлари ишлаб чиқилиши, келишилиши ва тасдиқланиши якунланишини, шунингдек, белгиланган тартибда қарз шартномалари имзоланишини тезлаштиришни;

2020 йил 1 августга қадар — молиялаштиришнинг очилиши бўйича чоралар кўрилишини таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.Ж. Раматов ва Ж.А. Қўчқоров мазкур банднинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш бўйича зарур чораларни кўрсин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги:

Дастур прогноз параметрлари бажарилиши ҳолатининг тизимли мониторинги ва ҳар ойлик муҳокамасини, шунингдек, лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ муаммоли масалаларни ҳал этиш бўйича зарур чоралар кўрилишини таъминласин, натижалари бўйича тегишли маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиб борсин;

мазкур қарорнинг 7-иловасига киритилган истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш юзасидан лойиҳа ташаббускорларига ҳар томонлама кўмаклашиш, кейинчалик уларни амалга ошириш учун салоҳиятли маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилиш бўйича ишларни тизимли ташкил этсин;

лойиҳа ташаббускорлари билан биргаликда 2020 йил 1 июнга қадар 2021 — 2025 йилларда илғор технологиялар, шунингдек, кластер ёндашуви ва саноат кооперацияси асосида юқори қўшилган қийматга эга рақобатбардош тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва кенгайтиришга қаратилган янги инвестиция таклифлари ишлаб чиқилишини таъминласин;

2020 йил 15 ноябрга қадар Дастурнинг асосий кўрсаткичларини аниқлаштирган ва янгилаган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил ва кейинги йилларга мўлжалланган Инвестиция дастури лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминласин.

  1. Қуйидагиларга:

а) Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари Э.М. Ғаниевга — Дастурнинг сифатли амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва тасдиқланган прогноз параметрларнинг бажарилиши ҳолати мунтазам равишда муҳокама қилиб борилишини таъминлаш;

б) Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У. Умурзоқовга — Дастур доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг тизимли мониторинги ва таҳлилини, шу жумладан маблағларни ўзлаштириш самарадорлиги ва объектлар ҳамда ишлаб чиқариш қувватларининг белгиланган муддатларда фойдаланишга топширилишини таъминлаш;

в) давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига:

Дастур доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича маблағларни самарали ўзлаштириш, қурилиш-монтаж ишларини сифатли бажариш, объектлар ва ишлаб чиқариш қувватларини белгиланган муддатларда ишга тушириш;

мазкур қарорнинг 6 ва 7-иловаларига киритилган лойиҳаларни амалга ошириш доирасида лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини сифатли ишлаб чиқиш, белгиланган муддатларда келишиш ва тасдиқлаш, шунингдек, маҳаллий ва хорижий инвесторлар ҳамда ташкилотлар билан зарур шартномаларни имзолаш масаласини ўрнатилган тартибда кўриб чиқиш;

2020 йил 1 июнга қадар мазкур қарорнинг 1, 1а ва 1б-иловаларига мувофиқ прогноз параметрлар асосида кейинги уч йиллик давр учун инвестициялар ва кредитларни ўзлаштириш ҳамда жалб қилиш параметрларини аниқлаштириш ва янгилаш учун асослантирилган таклифларни ишлаб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига киритиш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

  1. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Р.А. Гулямов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2020 йил 9 январь,

ПҚ-4563-сон

 

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.01.2020 й., 07/20/4563/0034-сон, 18.08.2020 й., 06/20/6042/1190-сон)