Муҳаммад Шафиқ: “Jampur Croup” компанияси Ўзбекистонда ипакчилик кластерини бунёд этади

Вторник, 03 июля 2018 00:00 Автор 
Оцените материал
(0 голосов)

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ҳамда Бирлашган Араб Амирлигининг “Jampur Croup” компанияси ўртасида инвестициявий ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди. Бу хорижий инвесторларнинг Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга ишончи, иқтисодиётимизга бўлган қизиқиши ортиб бораётганининг яна бир ёрқин далилидир.

“Jampur Croup” компанияси президенти Муҳаммад ШАФИҚ эришилган истиқболли келишув, амалга ошириладиган лойиҳалар аҳамияти ҳақида “Халқ сўзи” газетаси учун эксклюзив интервью берди.

— Аввало, имзоланган бугунги ҳужжат, ҳамкорлик йўлга қўйилгани билан табриклайман.
— Раҳмат! Ҳозир кучли ҳаяжондамиз. Бугунги амалий келишувимиз ўзбекистонлик ҳамкорлар учун ҳам хайрли бўлсин.

— Айтинг-чи, “Jampur Croup” компанияси янги йўналиш — ипакчиликни ривожлантириш учун айнан Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга қарор қилганининг боиси нимада?
— Тўғри айтдингиз, биз учун ипакчилик саноати бутунлай янги соҳа ҳисобланади. Асосан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва экспорт қилишга ихтисослаштирилган компаниямиз 35 йиллик фаолияти давомида дунёнинг кўплаб давлатларида ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш тармоқларини ишга туширди. Масалан, Хитойда ҳар хил русумдаги қишлоқ хўжалиги техникалари, донни қайта ишлаш корхоналари учун ускуналар, шунингдек, минерал ўғитлар тайёрлаш йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, кон-металлургия, гидроэнергетика, транспорт, айниқса, денгиз транспорти хизматлари кўрсатиш соҳасида бой тажрибага эгамиз. Демоқчи бўлганим, иқтисодиётнинг кўплаб соҳаларида фаолият юритаётган бўлсак-да, ипакчиликда ҳали бошловчимиз. Шунинг учун мазкур соҳани чуқур ўргандик. Бу жараёнда эътиборимизни Ўзбекистон кўпроқ тортди. Сабаби, юртингизда пиллачилик жадал суръатларда ривожланиб, маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилишда юқори натижаларга эришилмоқда. Қолаверса, жаҳон бозорида ўзбек ипагига бўлган талаб йил сайин ортяпти. Айни пайтда унинг ҳар бир килограмми 45-50 АҚШ доллари атрофида баҳоланади.

— Охирги йилларда Ўзбекистон иқтисодиёти, хусусан, ипакчилик саноатида амалга оширилаётган ислоҳотларни қандай баҳолайсиз? Унинг қайси жиҳатлари сизда қизиқиш уйғотмоқда?
— Биласизми, Ўзбекистонда бугун олиб борилаётган шиддатли ислоҳотларни ипак қуртининг пилла ўрашидек мўъжизавий жараёнга ўхшатаман. Ипак қурти жуда қисқа, атиги бир ой ичида маҳсулот бергани каби юртингиздаги ҳозирги жадал ўзгаришлар тез орада юқори самаралар беришига ишонаман.

Ўзбекистон пилла етиштириш бўйича дунёда Хитой ва Ҳиндистондан кейин учинчи ўринда туришини, ипакчилик соҳасида бой тажриба, юқори салоҳият, энг асосийси, қадимиз анъаналарга эга эканлигини яхши билардик. Аммо компаниямиз махсус ишчи гуруҳи шу йил май ойида Тошкентга келгач, инвесторларга яратилган қулай шарт-шароитлар, бизнес юритиш учун тақдим қилинаётган имтиёзлар, ипакчилик соҳасидаги тизимли ўзгаришларга яқиндан гувоҳ бўлиб, Ўзбекистон катта имкониятлар мамлакати эканлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилдик. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан соҳада давлат сиёсатини юритадиган уюшма ташкил этилгани, хорижлик инвесторларга солиқ имтиёзлари, виза енгилликлари берилгани биз каби инвесторлар учун жуда катта қулайликдир.

— Соҳа мутахассисларининг эътироф этишича, ипакчиликка тикилган сармоя бошқа соҳаларга қараганда, тезроқ фойда бера бошлайди. Катта даромад кўришни истаган тадбиркор эса табиийки,кўпроқ сармоя тикади. Шу маънода, сиз ипакчилик саноатига қанча инвестиция киритиш, уни қайси йўналишларга сарфлашни мўлжаллаяпсиз?
— Дарҳақиқат, ўрганишларимизга қараганда, агар бизнес-режа пишиқ бўлиб, иш оқилона юритилса, лойиҳа уч йилда ўзини тўлиқ оқлайди. Ўзбекистонда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити шароитида бу жараён яна ҳам тезлашиши мумкин. Сабаби, ишчи кучи, коммунал тўловлар БАА, Хитой ва бошқа давлатлар билан таққослаганда, жуда арзон.

Яна бир энг муҳим фактор пиллачиларнинг малака ва ёш тоифасининг мақбуллигидир. Айтайлик, ушбу жабҳада етакчи ҳисобланган Хитойда пиллачиларнинг ўртача ёши 65 га тенг бўлса, юртингизда ипак қурти парваришига, асосан, ёшлар жалб этилган. Улар бир йилда 3 мартагача юқори сифатли пилла етиштирмоқда.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси Баҳром Шарипов билан олиб борган музокаралардан сўнг иккита лойиҳа устида тўхталдик. Биринчиси, Тошкент вилоятидан “ноль” харид қийматда ер олиб, замонавий ипакчилик мажмуасини бунёд этиш бўлса, иккинчиси, Қашқадарё вилоятида ишлаб турган қайта ишлаш корхонаси фаолиятини ривожлантиришдир.

Қайси лойиҳани молиялаштирмайлик, кластер усулини жорий қилиш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирганмиз. Чунки бир килограмм ипак 40-50 доллар атрофида сотилса, ушбу хом ашёдан 11 погон метр мато ишлаб чиқариш мумкин. Шу ҳисобда, унинг ҳар погон метри ўртача 20 доллардан экспорт қилинган тақдирда, бир килограмм ипакни чуқур қайта ишлаш эвазига унинг таннархига 220 долларга етказилади. Хом ашёга қўшимча қиймат қўшадиган бундай тизимли ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда ўзбекистонлик ҳамкоримиз ҳар томонлама кўмак беришга тайёрлиги бизни хурсанд қилмоқда.

Айни пайтда лойиҳа қиймати, қуввати, зарур бўладиган маблағ ҳисоб-китоб қилиняпти. Жойларда бўлиб, пиллахона ва ипакчилик фабрикалари билан танишгач, белгиланганидан ҳам кўпроқ инвестиция киритиш истаги туғилди.

Ипакчилик лойиҳаси Ўзбекистондаги инвестициявий фаолиятимиз илк қадамидир. Тез орада Тошкент шаҳрида компаниямиз офисини очиб, иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига ҳам сармоя киритиш, янги лойиҳаларни амалга ошириш ниятидамиз.

Прочитано 1166 раз