Касаначилар ҳисобидан минглаб иш ўрни яратилади

Четверг, 28 июня 2018 00:00 Автор 
Оцените материал
(0 голосов)

 

 

 

Давлатимиз раҳбари ўтган йили Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Марғилонда ҳунармандчиликни ривожлантириш борасида «Ўзбекипаксаноат» уюшмасига алоҳида топшириқ берган эдилар.

Ана шу вазифанинг ижросини таъминлаш мақсадида йил бошида Марғилонда Ипакчилик ва касаначиликни ривожлантириш ўқув-ишлаб чиқариш маркази ташкил этилган эди.

Ушбу марказ кўмагида жорий йилда Фарғонадаги ипакни қайта ишлаш корхоналари базасида тўрт юзга яқин касаначи иш ўрни яратилди.
Келгусида ҳар бир ишлаб чиқариш корхонаси қошида ушбу марказ филиалари ташкил этилиб, касаначилик ривожлантирилади.
Нега, бу марказ айнан Марғилонда ташкил этилди? Унинг вазифа ва мақсадлари нималардан иборат? ипакчиликни ривожлантиришдаги ўрни қандай?

Марғилон – азалдан ипакчилик маркази бўлиб, матоларининг рангги, ажойиб гуллари, сифати билан Хитой, Эрон ва бошқа мамлакатлар аҳолисини ўзига ром этиб келган. Ҳаттоки, бу ерда дастлабки ишлов берилган ипак ва тайёр газламалар қадимдан Италия, Франция ва Россияга ҳам мунтазам жўнатилган.
Ҳозир ҳам бу ерда моҳир ҳунармандлар кўп. Улар марказ қошида ташкил этилган “Ёш дизайнер”, “Ёш ҳунарманд” каби ўнлаб ўқув курсларида ёшларга ипакда атлас, адрас, гилам тўқиш, либослар тикиш сирларини ўргатмоқда. Марказни битирганларга махсус сертификат ҳам берилади.
Бу лойиҳаларнинг яна бир жиҳати ногирон ва кам таъминланган оилаларнинг вакилларини касаначилик асосида иш билан таъминлаш. Уларга уй шароитида хом ашё етказиб берилади. Шу тариқа аҳоли уйида ипак матолар ва гиламлар тўқиш, дўппи ёки кашта тикиш кабиларга жалб қилиниб, миллий ҳунармандчилик асосида тайёрланган маҳсулотларнинг экспорти таъминланади.
Қайд этиш жоизки, касаначилар тўқув ва тикиш дастгоҳлари билан таъминланади. Моҳир, уста ҳунармандлар ёрдамида ипак маҳсулотларига бошқа - табиий ва суъний толалар аралашмаси асосида янги инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳам мўлжалланмоқда.

 

Мазкур тадбирлар кенг оммалашганда юртимизда ҳунарманд касаначи оилалар пайдо бўлади. Демакки, кўпчилик оиладан, фарзандлар тарбиясидан узилмаган ҳолда, ишлаб пул топиш имконига эга бўлади. Улар иш қидириб, сарсон бўлмайди, балки қўлида ҳунари ва чўнтагида пули бўлади.

Қайд этиш керакки, айни вақтда уюшма касаначиликни икки йўналишда ривожлантириш чорасини кўрмоқда. Биринчидан, аҳоли йилига уч марта пилла боқишга жалб этилмоқда. Йилдан-йилга пилла боқиш ҳажми ошиб, уни парвариши билан кўпроқ инсонлар шуғуллана бошлайди. Мисол учун, 2023 йилга бориб, йилига 500 минг қути ипак қурти боқилса, бунинг учун 500 мингта хонадон жалб этилади. Сўнгра иккинчи босқич бошланади, яъни пилла корхонага топширилгач, қайта ишланган толадан ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ҳунарманд касаначи оилалар жалб этилади. Шу тариқа, пилла ишлаб чиқариш қанчалик кенгайиб борса, касаначилик ҳам юксалиб бораверади.

Тизимдаги корхоналарда доимий иш ўринлари яритилишини ҳам ҳисобга олса, 2023 йилга бориб, айнан «Ўзбекипаксаноат» уюшмасида бир миллион кишининг бандлиги таъминланади.

 

Прочитано 1169 раз