Хирмон юксалди, парвариш давом этмоқда

Четверг, 28 июня 2018 00:00 Автор 
Оцените материал
(0 голосов)

 

 

2017 йилда ўзбек пиллачилиги тарихида янги саҳифа очилган эди. Яъни кўпчиликнинг тасаввурига ҳам сиғмаган иш — такрорий пилла етиштириш муваффақиятли йўлга қўйилиб: мамлакатимиз бўйича икки марта, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида эса ҳатто уч марта ипак қурти парваришланиб, саноатбоп пилла олинди. Авваллари йилда бир марта ҳам мўлжалдаги ҳосил олинмаган юртимиз шароитида эришилган натижа ҳамманинг ҳавасини келтирди.

Ана шундай ютуқдан руҳланган пиллакорларимиз жорий йилда барча ҳудудларда уч марта “кумуш тола” етиштиришга аҳд қилди. Шу боис апрель ойида 330 минг қути ипак қурти уруғи жонлантирилди. Айни вақтда ҳосилнинг асосий қисми йиғиб олинди. Шартнома режасини бажармаган, етарлича ҳосил тўпламаганлардан ундирилган жарима ҳисобидан эса яна 12,5 минг қути уруғ тарқатилди.

Биринчи мавсумни иккинчи мавсумга улаб юборган пиллакорларимиз майни охири июнь ойини боши билан 20 минг қути уруғни парваришлашни бошлаб юборишди. Албатта, бунда пилла озуқа базаси ҳам ҳисобга олинди.

Энди навбат – учинчи ҳосилга тайёргарлик кўришга. Августда бошланадиган бу мавсумда 40 минг қути уруғ тарқатиш ва ҳосилни сентябрда йиғиб олиш режалаштирилган.

Демак, эндиликда юртимизда пилла етиштириш жараёни бир йилда олти ой давом этади. Кузнинг икки ойида дарахт экиш ва баҳорнинг икки ойини кўчат етиштириш учун сарфлаш мўлжалланмоқда. Ана шундай юмушлар ҳисобидан жорий йилда 410 мингта мавсумий ва қарийб 15 мингта доимий иш ўринлари яратилди. Тизимдаги пиллани қайта ишлаш фабрикалари тўлиқ қувватларда ишламоқда.

Шу ўринда алоҳида қайд этиш керакки, кейинги йилларда аҳоли орасида ипак қурти парваришлашга иштиёқ сусайган эди. Оқибатда пилла етиштириш, уни чуқур қайта ишлаш ва экспорт қилиш кўрсаткичлари кескин тушиб кетди. Ана шундай вазиятда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 29 мартдаги қарори билан “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ташкил этилгач, соҳада юксалиш, ривожланиш сезила бошлади.

Айниқса, қарорда пиллачилларнинг моддий манфаатдорлиги оширилиб, ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатилгани йўқотилган ишончни қайта тиклади. Гап шундаки, уй шароитида пилла етиштирган фуқаролар даромад солиғидан озод қилиниб, уларнинг бир мавсум ишлаган даврлари пенсия тайинлаш учун бир йил меҳнат стажига ўтиши ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлангани пиллачилик билан шуғулланиб келаётган опа-сингилларимиз учун жуда катта рағбат бўлди.

Шу билан бирга, хориж тажрибаси чуқур ўрганилиб, инновацион ғоя ва технологиялар кенг жорий этила бошланди. Хусусан, пилла парваришлаш билан банд аҳолининг билимларини янада ошириш мақсадида жорий йилда юртимизга 46 нафар хорижлик мутахассис таклиф этилди. Улар мавсум давомида ўз тажрибаларини пиллакорлар билан ўртоқлашди. Бунда ипак қурти уруғини жонлантириш, озуқа етиштиришдан бошлаб, соҳа учун зарур ускуна ҳамда жиҳозлар етказиб бериш, қайта ишлаш босқичларига илғор ишланмаларни татбиқ қилишгача бўлган юмушлар кенг қамраб олинган.

Инновацион пиллахоналар янги жараёнда муҳим аҳамиятга эга. Ушбу пиллахоналарнинг афзалликлари жуда кўп бўлиб, мавжуд тутзорлар яратиш ва унинг атрофида пилла боқиш масканлари барпо этиш орқали ҳам иш ўрни яратиш, ҳам ҳосилнинг сифатини ошириш, ҳам аҳолининг меҳнатини енгиллаштиришга хизмат қилади. Уларда ипак қурти Хитой технологияси асосида плёнка остида парваришланаётгани боис озуқа сарфи 30 фоизгача камаяди.

Баргнинг қотиб қолиб, беҳуда йўқотилишининг олди олинади. Ҳудудлар табиий-иқлим шароити инобатга олинган ҳолда, иморати тўлиқ маҳаллий хом ашёдан қурилгани туфайли эса иқтисодий жиҳатдан тежамлидир. Яна бир муҳим томони, баҳорда иссиқ, ёзда салқин бўлиши ҳисобига энергия ресурслари сарфи ўта камдир. Энг асосийси, мазкур усулда сунъий дастадан фойдаланилиши туфайли жаҳон стандартларига мос, юқори сифатли пилла олинади.

 

 Мисол учун, мавжуд 477та пиллахонанинг ҳар бирида 50 қутидан ипак қурти боқилса, 23 минг қути пилла боқиш имконияти мавжуд. Йил охирига қадар яна 256 инновацион пиллахона қуриб, битказилиши эса самарадорликни ошириш билан бир қаторда меҳнат унумдорлигини ҳам таъминлайди.

 

 

 

 

Прочитано 1229 раз