Пилла кластер усулида етиштирилади

Среда, 25 апреля 2018 00:00 Автор 
Оцените материал
(0 голосов)

Мамлакатимизда жорий йилда ипак қуртини уч марта парваришлаш белгиланган. Айни пайтда дастлабки – баҳорги мавсум бошланди. Иккинчиси май, учинчиси эса август ойларига мўлжалланмоқда. 


Навоий вилоятида ҳам 550 минг туп тут кўчати ўтқазилиб, мавжуд тутзорлар 50 гектардан ортиқ майдонга кенгайтирилди. Вилоят пиллакорлари жорий йилда 14 минг 700 қути уруғ парваришлаб, 800 тонна хом ашё етиштиришни режалаштирган. 

Хатирчи тумани пиллакорлари ҳар йили на­фақат вилоят, балки мамлакатимизда ҳам илғор­лар сафида тилга олинади. Хусусан, ўтган йили улар зиммаларига олган шартнома режасини биринчилар қаторида ортиғи билан адо этди. Айниқса, “Сулаймон Саидали”, “Акбарали Ислом даласи”, “Отабек нурли келажаги” каби фер­мер ва деҳқон хўжаликлари мўл ҳосил етиштирди. 

Туман пиллакорлари жорий йилда 248 тонна пилла топшириш ҳаракатида. Бунинг учун ҳозирдан барча зарур юмушлар бажарилиб, 2 минг 314 нафар қурт боқувчи ва фермер ҳамда 305 нафар касаначи билан шартнома тузилди. Хитойдан 4 минг 567 қути уруғ келтирилиб, тарқатишга тайёр қилиб қўйилди. 

Жорий йилда пилла кластер усулида етиш­тирилади. Туманда бу борадаги ишларни ҳамда пилла етиш­тирувчиларга хизмат кўрсатишни хом ашё қабул қилиш ва қайта ишлашга ихтисослашган “Хатирчи пил­ла хази­наси” хусусий корхонаси ўз зиммасига олган. Топши­рилган жами маҳсулот ушбу ташкилотга қарашли йиги­рув цехида қайта ишланиб, харидорларга тайёр ҳолда етказиб берилади. Ўтган йили туманда 306 тонна пилла йигирилиб, Хитой ва Вьетнам давлатларига сотилди. Экспорт ҳажми 1 миллион 48 минг 500 долларни ташкил этди. 

– Пилла парвариши ўта нозик, шунинг учун унга жуда эътиборли бўлиш лозим, – дейди корхона агрономи М.Абдураҳимов. – Бун­да пиллакорларга ёрдам берадиган мутахас­сислар белгиланган. Улар хонадонларда боқи­лаётган қурт пар­вариши­ни мунтазам равишда назо­рат қилиб боради. 

Корхонада айни кунда 35 нафар ходим доимий иш билан банд. Мавсум даврида эса ёлланма ишчилар ва пил­ла етиштирувчилар ҳисобига улар сони 100 на­фаргача етади. 

Прочитано 2053 раз