Уюшма бир ёшга тўлди

Четверг, 29 марта 2018 00:00 Автор 
Оцените материал
(1 Голосовать)

Ассалому алайкум, азиз ҳамкасблар, ҳурматли ҳамкорлар ва қадрли дўстлар!

Сиз азизларни Уюшмамиз ҳаётидаги муҳим сана – 29 март, яъни Уюшма ташкил этилганлигига бир йил тўлганлиги билан муборакбод этаман. 
Бундан роппа-роса бир йил муқаддам, яъни 2017 йил 29 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекипаксаноат" уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2856 – сонли қарори қабул қилинган эди. 
I. Ўтган бир йил ичида Ўзбекистон Республикаси Президентининг: 
“2017-2018 йиллар мобайнида Республикамизда пиллачилик тармоғини ривожлантириш тўғрисида”ги 2017 йил 17 октябрдаги Р-5088 –сонли Фармойиши ; 
"Ўзбекипаксаноат" уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғриси”даги 2017 йил 29 мартда ПҚ-2856 –сонли қарори;
“Республикада пиллачилик тармоғини янада ривожлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2018 йил 12 январдаги ПҚ-3472-сонли қарори, 
“Пиллачилик тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 20 мартда ПҚ-3616-сонли қарори қабул қилинди. 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2017-2021 йилларда пиллачилик тармоғини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги 2017 йил 11 августдаги 616-сонли қарори қабул қилинди.
II. Уюшма таркибидаги пиллани қайта ишлаш корхоналарида модернизация ишлари амалга оширилмоқда, тўлиқ технологик занжирга асосланган пиллани қайта ишлаш, пилла озуқа базасини мустаҳкамлаш, сифатли пилла етиштириш ва ипакни қайта ишлаш, тайёр мато ишлаб чиқариш ва ранг бериш бўйича 16 та янги инвестиция лойиҳаларига старт берилди. 
Шунингдек, тут баргидан чой, парфюмерик воситалар, ипак қурти ғумбагидан ёғ ишлаб чиқариш, туризмни ривожлантириш, касаначилик ва миллий ҳунармандчиликни ривожлантиришга йўналтирилган 5 та янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. 
III. “Ўзбекипаксаноат” уюшмасининг ташаббуси билан Ўзбекистон 2017 йил 20 сентябрда БМТнинг Халқаро ипакчилик комиссиясига 20 - чи аъзо бўлиб кирди. 2018 йилнинг 25-26 январь кунлари Ҳиндистоннинг Гуваҳати шаҳрида Халқаро ипакчилик комиссиясининг навбатдаги конференцияси бўлиб ўтди ва бу конференцияда навбатдаги йиғилишнинг Ўзбекистонда ўтказилиши бўйича келишувга эришилди. 
Уюшма томонидан инвестиция ва ҳалқаро ҳамкорликни ривожлантириш йўналишида жаҳоннинг бир қатор ривожланган давлатлари, жумладан, АҚШ, Канада, Австралия каби давлатлар, Осиёнинг Ҳиндистон, Хитой, Вьетнам, Жанубий Корея ва бошқа бир қатор давлатлари, Европанинг Италия, Швейцария, Буюк Британия, Австрия, Венгрия, Словакия ва бошқа давлатларнинг дипломатик корпус вакиллари ҳамда салоҳиятли инвесторлари билан музокаралар олиб борилиб, ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. 
2017 йил декабрь ойида Вена шаҳри (Австрия)да “Ўзбекистон-Европа халқаро ипакчилик форуми” ўтказилди. Форумнинг давоми сифатида 2018 йил 10 апрель куни Бухоро шаҳрида бир қанча Халқаро ташкилотлар, халқаро молия институтлари, Ўзбекистондаги халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари, чет эл дипломатик корпуси вакиллари, салоҳиятли инвесторлар, ОПЕК ҳалқаро ташкилотининг ривожлантириш жамғармаси, БМТ ҳузуридаги саноатни ривожлантириш ташкилоти (UNIDO) ҳамда Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат ташкилоти (FAO) иштирокида “Осиё-Европа ипакчилик форуми” ўтказилиши белгиланган. Ушбу Форум доирасида хорижий ташкилотларнинг мамлакатимиз пиллачилик тармоғига 1 млн. АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағлари ва 15 млн АҚШ долларилик имтиёзли кредит маблағларини ажратиши юзасидан меморандум-келишувлар имзоланиши режалаштирилган. 
Уюшма таркибидаги корхоналар мутахассисларини ўз ичига олган жами 29 кишидан иборат иккита гуруҳ 2017 йил август ва сентябрь ойларида Хитойнинг Цзянсу ва Шандон провинцияларида элита ва супер элита ипак қурти уруғи етиштириш, ипак қуртини парваришлаш технологияси, сифатли пилла ишлаб чиқариш йўналишларида малака оширдилар. 
IV. 27-28 июль кунлари Марғилон шаҳрида халқаро илмий-техникавий анжуман ҳамда Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида фаолият юритувчи ипакдан тайёр матолар ишлаб чиқарувчи корхоналар, тадбиркорлар ва касаначи-ҳунармандлар маҳсулотлари намойишига бағишланган табиий ипак матолар кўргазма-ярмаркаси ўтказилди. 
2017 йил 30 августда “Ипакчилик муаммолари, ипакчиликда нанотехнологияларни жорий этиш ҳамда чиқиндисиз маҳсулотлар ишлаб чиқариш” мавзусида олимлар ва ишлаб чиқарувчилар иштирокидаги очиқ мулоқот ташкил этилди.
2017 йилнинг 24 октябрида илмий-техникавий анжуман ва Ўзбекистон Анжуманлар саройида табиий ипак матоларидан тайёрланган миллий либослар намойиши ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикасидаги 45 дан ортиқ дипломатик корпус вакиллари ва 30 дан ортиқ халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар. 
Республикада ипакчилик ва касаначилик билан шуғулланаётган ҳунармандларни бирлаштириш, улар ишлаб чиқараётган маҳсулотларни оммалаштириш, сайёҳлик тизимини ривожлантириш, миллий анъаналарга мос маҳсулотлар экспорт салоҳиятини янада ошириш мақсадида Марғилон шаҳрида “Ёдгорлик” МЧЖ қошида “Ипакчилик ва касаначиликни ривожлантириш ўқув-ишлаб чиқариш маркази” ташкил этилди. 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2018 йил 20 мартдаги 3616-сонли қарорига асосан Ипакчилик илмий-тадқиқот институти “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибига ўтди. 
V. Ҳозирда пиллачилик озуқа базасини мустаҳкамлаш йўлида бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. 2017 йил куз мавсуми ва 2018 йил баҳор мавсумида Республикамиз бўйича 30 млн дона тут кўчати экиш режалаштирилган. Якка тут қаторлари хатоларига тут кўчатлари экилиб, мавжуд тутзорлар реконструкция қилинмоқда. Бугунги кунгача 529,1 га майдонда тут кўчати етиштирувчи хўжаликлар ташкил қилинди. 1387,1 га майдонда янги тутзорлар барпо этилди ва бу ишлар жадал давом эттирилмоқда. 
2017-2018 йилларда йилига 2-3 марта ипак қурти боқиш имконини берувчи 220 та ипак қурти боқиш масканлари барпо этилди. 2018 йил якунига қадар 306 та қўшимча равишда барпо этилади. “Пахтасаноат” АЖ га тегишли 207 та қуртхоналар Уюшманинг балансига ўтказилиб, таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда ҳамда баҳор мавсумида ипак қурти парваришлаш учун тайёрланмоқда. 
2017-2018 йилларда Уюшма тизимидаги пиллани қайта ишлаш корхоналари томонидан 2018 йилнинг 1-чорак якунига кўра 165 млрд.сўмлик саноат маҳсулотлари ва 19,7 млрд.сўмлик халқ истеъмол моллари, 683,3 тонна табиий хом ипак, 1034 минг.п.м. ипакли газлама ишлаб чиқарилди...
Бугунги кунда янги пилла мавсуми уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда. 
“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ва унинг таркибидаги корхона (ташкилот, муассаса)лар томонидан юқоридаги ишлар изчил давом эттирилади, хусусан, Муҳтарам Юртбошимиз томонидан Уюшма олдига қўйилган вазифалар ва қарорлар ижросини тўлиқ таъминлаш ҳамда билдирилган юксак Ишончни оқлаш борасида тизимда ишлаётган ҳар бир ходим Ватанга садоқат билан баҳоли қудрат ҳаракат қиладилар.
Хирмонга барака, ҳурматли ҳамкасблар, азиз пиллакорлар!

“ЎЗБЕКИПАКСАНОАТ” УЮШМАСИ
БОШҚАРУВ РАИСИ

Баҳром ШАРИПОВ

 

2018 йил 29 март

Прочитано 3266 раз